Фейсбукда, турли гуруҳларда «Карта топиб олдим! Агар кимдир эгасини билса, бу ҳақда хабар беринг! Шу хабарни бошқаларга ҳам етказинг» деган эълонларга ва топилманинг расмига тез-тез кўзимиз тушадиган бўлиб қолган. Нима учун бундай қилмаслик ва агар сиз бошқаларнинг банк картасини топиб олган бўлсангиз, қандай йўл тутиш керак?
Карта эгасини мустақил равишда қидирманг
Банк карталарида ҳар доим эгасининг исм ва фамилияси кўрсатилган бўлади, лекин сиз Шерлоcк Холмс ролини ўйнашингиз ва эгасини қидирув тизимлари ва ижтимоий тармоқларда излашингиз керак эмас: Ўзбекистонда бир хил исм ва фамилияли одамлар кўп бўлиб, сиз эса фақат вақтингизни беҳудага сарфлайсиз.
Ижтимоий тармоқларда топилма ҳақидаги эълон ва постларни ёзманг
Карта йўқолгани ошкор бўлгани учун эгаси Интернетнинг кучи билан топса ҳам, яна уни қайта чиқаришига тўғри келади. Агар сиз картанинг расмини нашр қилмоқчи бўлсангиз, лекин у ҳали блокланмаган бўлса, виждонсиз одамлар фотосурат маълумотларига қараб, хавфсизлик кодини олишлари ва ичидаги пулни ўзлаштириб юборишлари мумкин.
Пин кодини топишга уринманг
Сиз яхши инсонсиз, сизда бундай истак туғилмагани аниқ, шундай бўлсада биз яна шуни эслатиб ўтмоқчимиз: барча банкоматларда ва деярли барча савдо нуқталарида кузатув камералари ўрнатилган. Бировнинг ҳисобига киришга уринганингиз учун жиноий жавобгарликка тортиласиз.
Банкка қўнғироқ қилинг!
Бу кўп вақт талаб қилмайди, лекин картани эгасига пулларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Ўзбекистон банкларининг ишонч телефонларини бизнинг веб-сайтимизда доимо топишингиз мумкин.
Банк ходимига топилган картанинг рақамини айтиб, кейин унинг кўрсатмаларига риоя қилинг. Қайчи ёки бошқа йўл билан бўлакларга бўлиб, уни йўқ қиласиз. Банк карта эгаси билан ўзи боғланиб, унга янги карта беришни таклиф қилади.
Агар сиз карта билан бирга бошқа нарсаларни топиб олган бўлсангиз (паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси, муҳим ҳужжатлар), банкка телефон рақамингизни қолдиринг, карта эгаси сиз билан боғланиб, ўз буюмларини олади. Бунда банк у билан боғланишингизга ёрдам беради.
Агар сиз ўз картангизни йўқотиб қўйсангиз нима қилиш керак?
Кимдир уни топмагунча кутишнинг ҳожати йўқ! Дарҳол қўллаб-қувватлаш хизматига қўнғироқ қилиб, блоклатинг ёки веб-сайт ёки банкнинг мобил иловасидаги шахсий ҳисобингиздан ўзингиз ёпинг ва янгисига буюртма беринг.